Хусусий Moon Express фазовий компанияси раҳбарининг баёнот беришича, Ойга парвоз қилиш нархи 10 млн доллар атрофида бўлади, деб хабар қилмоқда Fox News телеканали.

Moon Express асосчиларидан бири ва директорлар кенгаши раҳбари Нэвин Йен, компания Ернинг ягона табиий йўлдоши Ойга парвозларни сердаромад бизнесга айлантирмоқчи эканини ошкор қилди. 

«Жон Кеннедининг сўзларини бирмунча ўзгартирган ҳолда айтишим мумкинки, биз Ойга осон бўлгани учун эмас, балки яхши бизнес бўлгани учун парвоз қиламиз. <...> Авваллари бунинг учун млрдлаб доллар маблағ сарфланган бўлса, эндиликда бизнинг бир сафаримиз 10 млн доллар атрофида бўлади», — деб тушунтирган Йен. 

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Ойда 16 квадриллион миқдорида фойдали қазилмалар мавжуд. 

Аввалроқ, Moon Express хусусий компаниясига 2017-йилдан Ойга парвозларни амалга оширишига рухсат берилгани маълум қилинган эди.