Рио Олимпиадасида бронза медали соҳиби бўлган бельгиялик дзюдочи Дирк ван Тихелт дўсти билан Рио-де-Жанейро соҳилида ғалабасини нишонлаш учун келганида талончилардан мушт еди. Бу ҳақда  The Straits Times хабар тарқатди.

Ҳодиса 9 август оқшомида, машҳур Копакабана пляжида рўй берган. У бир неча кун олдин 73 килограмм вазн тоифасида Рио-2016 олимпиадасида бронза медали олганди.

Уларга номаълум шахс ҳужум қилган ва дзюдочининг телефонини олиб қочган. Ван Тинхелт эса талончини таъқиб этишни бошлаганида юзига берилган кучли зарба туфайли йиқилган. Уни талончининг шерикларидан бири ургани айтилмоқда.

Талончини тутишнинг имкони бўлмаган. Дзюдочини эса шифохонага олиб кетишган. Берилган зарб туфайли унинг юзи мўматалоқ бўлган. Шифокорлар бу жароҳат унинг кўзи учун хавфли эмаслигини билдиришган.

Бугун дзюдочи омма олдида кўриниш берди ва ўз медалини кўрсатиб суратга тушди.

У кўзидаги жароҳат турнирдаги беллашувлардан бирида орттирилгани ҳақида айтган. Лекин Бельгия Олимпия қўмитаси матбуот хизмати бу жароҳат унинг соҳилдаги саргузашти самараси эканини таъкидлаган.

Бразилия нашрларида эса Ван Тихелтни у чақирган қизлардан бири жароҳатлагани ёзилди, полиция бундай маълумотларни инкор этди.

Бундан олдинроқ Рио-де-Жанейрода маҳаллий ўсмирлар йўловчилар ва сайёҳларни тунашни одатга айлантиргани тасвирланган видео пайдо бўлганди. Тасвирларда ёш жиноятчиларнинг асосий нишони ўткинчиларнинг смартфонлари экани, лекин баъзида улар йўловчиларнинг рюкзаклари ва сумкаларига эга чиқишга ҳам уринишини кўриш мумкин. Улар баъзида қаттиқ қаршиликка дуч келишади, баъзида эса "жабрланувчилар" осонгина ўз буюмларини бериб юборишган. Видеоролик 20 млн мартадан ортиқ кўрилган ва унинг остида ўн минглаб ғазабли сўзлар битилган изоҳлар қолдирилган.