Саудия Арабистонида нефтдан олинадиган даромаднинг камайиб кетгани сабабли барча расмий йиғим турлари, жумладан виза йиғими нархи анча ошадиган бўлди, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги.     

Саудия Арабистонининг ярим йиллик кўп маротабалик визаси нархи деярли 6 баробарга, яъни 3 минг саудия риалигача (800 доллар) қимматлашади. 2 ойга мўлжалланган бир маротабалик виза нархи эса 2 минг риал ва ҳар бир қўшимча ойга яна 100 риални ташкил қилади.    

Тегишли ўзгаришлар 3 октябрдан – ҳижрий тақвим бўйича янги йилдан кучга киради. Шу билан бирга, Саудия Арабистони ҳукумати мамлакатга ҳаж ва умра амалларини адо этгани биринчи марта келаётганларга визани тўлаб беришга тайёрлигини билдирган.

Саудия Арабистонида ишлайдиган хорижликлар учун виза ҳам қимматлашади: мамлакатга кириш-чиқиш учун икки йил мўлжалланган кўп маротабалик виза 8 минг риал (2133 доллар) туради. Саудия Арабистони Марказий банки маълумотларига кўра, 2015 йил охирида мамлакатнинг хусусий секторида 8,9 млн хорижлик ишлаган. Мамлакатнинг умумий аҳолиси сони эса 31 млн кишини ташкил қилади.   

Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ва шитларда реклама жойлаштирганлик учун жарималар анча ошади. Шунингдек, ҳукумат коммунал хизматлар нархини оширмоқчи ва давлат хизматчилари сонини камайтирмоқчи.  

2015 йил охирига кўра Саудия Арабистони бюджети дефицити рекорд даражадаги 98 млрд долларни ташкил қилган.