Россиялик олимларнинг фикрича, фазога парвоз қилиш бахти ва орбитадаги фазогирларнинг иш билан машғул бўлиши, уларнинг оғриқни ҳис қилиш чегарасини ўзгартириши мумкин. 

"Узоқ тайёргарлик кўрган фазогир ниҳоят фазо станциясига учиб келгач, ўзига хос саодатни ва юқори кайфиятни ҳис этади. Шу боисдан ҳам, жўшқин ҳиссиётлар сабаб унинг оғриқни сезиш чегараси ҳам ўзгаради. Кейинроқ, бу жараён фазогирнинг вазнсизликка мослашуви давомида ўз ҳолига қайта бошлайди", - деб ҳикоя қилган Россия Фанлар Академияси тиббий-биология муаммолари илмий ходими Илья Рукавишников ТАСС агентлигига берган интервьюсида. 

Ҳозирда, Халқаро Фазо станциясида "Альгометрия" (оғриқни ўлчаш) тажрибаси ўтказилмоқда. Бунга, фазогирларнинг станцияда енгил жароҳат олишганда, бирон жойини уриб олишганда оғриқни ҳис қилмасликлари тўғрисидаги таъкидлари сабаб бўлган. Улар вазнсизлик ҳолатида қон намунаси олинганда оғриқни ҳис қилишганини айтишган. 

"Шу муносабат билан, бир нечта тажриба ўтказишга қарор қилинди. Улар, фазовий парвозларда оғриқни сезиш даражасини асослаш ва сўнгги чегарасини баҳолаш тартибини тузиш учун зарур", - дея изоҳлаган олим. 

Мазкур тажрибалар икки хил усулда олиб борилади. Бирида, кенг стержень қўл бармоғига босилади, иккинчисида елкага қиздирувчи пластинка қўйилади. Иккала усул ҳам махсус дастурий таъминотга эга бўлиб, тажрибадан ўтаётган шахснинг жароҳат олишига йўл қўймайди. 

Бу тажриба ўтган йилнинг баҳоридан бошлаб ўтказилмоқда ва яна икки йиллар давом этади. 

"Умуман, унда 10-15 нафарга яқин экипаж аъзолари қатнашиши керак. Ўшандагина, ҳақиқатга мос келувчи натижага эга бўлишимиз мумкин", -деган институт ходими. Унинг айтишича, фазогирлар бу каби тестлардан уч марта: парвоз олдидан, парвоз вақтида ва Ерга қайтганларидан сўнг ўтишади. 

Олимлар, шу билан фазовий парвоз чоғида талаб этилганда, оғриқсизлантиришнинг мос усулини аниқлашади.