Американинг Виржиния штатидаги НАТО бўлимида хизмат қилувчи турк қўмондони АҚШ ҳукуматидан бошпана сўради, бу Туркия ҳукумати мамлакатдаги ҳарбий тўнтарув ҳаракати муносабати билан уни ортга қайтаришни сўраганидан сўнг юз берди. Бу ҳақида АҚШ Қуролли кучларининг қўмондонлиги манбасига асосланиб, Reuters агентлиги маълум қилди. 

Манбага кўра, турк офицери НАТОнинг Норфолкдаги қўмондонлик штаб-квартирасида хизмат қилган.

Туркиянинг Вашингтондаги элчихонаси ходимининг маълум қилишича, ўтган ойда ҳарбий флот контр-адмирали Мустафо Угурлуни ҳибсга олишга ордер келиб тушган. У эса ватанга қайтиш буйруғига итоат қилмаган. 

"22 июлда у ўз нишонлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатини базада қолдирган, шундан сўнг у ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган", - деди турк дипломатик миссияси вакили. 

Маълум бўлишича, Туркия ҳукумати ундан ташқари яна икки офицерни ортга чақирган. Улардан бири Туркияга қайтган, иккинчиси тез кунларда қайтади.