Twitter ижтимоий тармоғининг венесуэлалик фойдаланувчисининг @Lubrio никли аккаунти Рио-Олимпиадаси мусобақаларига оид бир неча қисқа видеолар тарқатганидан кейин блокланган. Бу ҳақда Mashable хабар берди.

Аккаунт 42 мингдан ортиқ ўқувчига эга эди. Уни Луижиано Браччи Роа юритаётганди.

Унинг сўзларига кўра, аккаунт Халқаро олимпия қўмитасининг сўровига биноан ёпилган.

У ўз блогида ёзишича, у тарқатган видео қонуний эди, унда Венесуэла делегациясининг турнир очилиш маросимидаги чиқиб келиши тасвирланганди.

Браччи бу видеони тарқатиш орқали ҳеч қандай даромад кўришни мўлжалламагани, ХОҚ ҳам Twitter ҳам бу иш қоидабузарлик эканидан огоҳлантирмаганини таъкидлаган.

ХОҚ бу хабарга муносабат билдирмади.

Бундан олдинги хабарларда ХОҚ Олимпиада ўйинларини GIF, GFY, WebM ёки Vine форматларида трансляция қилишни тақиқлагани айтилганди.