Ўзбекистоннинг барча тижорат банклари халқаро молия институтлари билан низом жамғармасининг камида 15 фоиз улушини сотиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб хабар қилган Марказий банк матбуот хизмати. 

«Айтиш мумкинки, ушбу жараён банкларни хусусийлаштиришнинг навбатдаги босқичидир. Бу яқин келажакда, банклар бошқаруви ва хизмат кўрсатиш маданиятининг сифатини яхшилаш имконини беради», – дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, халқаро экспертлар гуруҳи банк назорати ва бошқаруви фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари билан шуғулланиш, банк соҳасида эришилган натижаларни реал, ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш, асосий кўрсаткичлар ўсиши ва ликвидликни таъминлаш борасидаги ҳаракатларни юқори баҳолаган. 

Буни бир неча йиллар давомида халқаро рейтинг агентликлари томонидан республикадаги барча тижорат банкларига «барқарор» баҳо берилиши ҳам исботлайди.