Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, шунингдек, ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида марказ директори ўринбосари Бахтиёржон АКБАРАЛИЕВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– 2015 йилнинг ноябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази олдига қўйилган вазифа ҳам мамлакатимизда корпоратив муносабатлар асосида фаолият юритаётган хўжалик субъектларида замонавий, самарадор бошқарув усулларининг татбиқ этилишида корхона ҳамда ташкилотларга институционал кўмак беришдан иборатдир.

2015 йилнинг декабрь ойида «Бизнесни бошқариш магистри» («Master of Business Administration – MBA») мутахассислиги бўйича Давлат тест маркази томонидан ўтказилган синовлар натижалари асосида энг юқори балл тўплаган 40 номзод магистратурага қабул қилинди.

Магистратура ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқишда мамлакатимиз ҳамда етакчи хорижий таълим муассасаларида тўпланган энг илғор тажрибалардан фойдаланилди. Бу ўринда Европа менежмент ва технологиялар мактаби (Германия), “Insead” (Франция), “Harvard Вusiness School MBA” (АҚШ) ҳамда “London Вusiness School” (Англия) бизнес мактаблари ўқув дастурларини алоҳида таъкидлаш зарур. 

Ўқув жараёни бир нечта ўқув блокларига ажратилган ҳолда олиб борилади. Бунда бошқарув иқтисодиёти, умумий менежмент, корпоратив бошқарув, корпоратив молия, маркетинг менежменти сингари еттита мутахассислик фанига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уларни ўзлаштириш тингловчилар учун мажбурий ҳисобланади. Шу билан бирга, ўқув дастурлари умумметодологик ҳамда танлов фанлари, шунингдек, илмий фаолиятни қамраб олган.

Шу кунларда 2016/2017 ўқув йили учун магистратурага тингловчиларни қабул қилиш ишлари қизғин кетмоқда. Ҳужжатларни қабул қилиш жорий йилнинг 20 июлида бошланган бўлиб, 20 августга қадар давом этади. Шу муддат давомида олий маълумотли, олий таълим муассасасини битиргандан сўнг камида уч йиллик иш стажига эга 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари магистратура йўналишига ҳужжат топширишлари мумкин.

Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорликдаги  “Раҳбар ходимлар учун корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари” малака ошириш курсини ҳозиргача 262 раҳбар ходим тамомлаб, уларнинг 128 нафари Германияда малака ошириб қайтди.

Марказда корпоратив бошқарувчи малака аттестатини олмоқчи бўлганларга махсус курс ташкил этилган. Ҳозиргача мазкур курсни тамомлаган 352 тингловчидан 179 нафарига малака аттестати берилди, қолганларини ҳам суҳбатдан ўтказиш жараёни давом этмоқда.