64 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон вакили Фазлиддин Ғоипназаров биринчи босқичдаги рақиби конголик Дивал Фореле Малонга Дзаламоуни енгиб кейинги босқичга ўтди.

Маълум бўлишича мазкур учрашув арафасида Фазлиддин қиз фарзандли бўлган ва ушбу хушхабарни то жангда ғалаба қозонмагунча ҳеч кимга айтмаслик лозимлигини жамоадошларига тайинлаган экан. 

Рефери унинг ғалабаси ҳақида эълон қилгач, у ўзини қўллаб-қувватлаб турганлар жойлашган трибунага юзланган ва хушхабар ҳақида маълум қилган. У ғалабасини дунёга келган фарзандига бағишлаган.

Гап нимада эканлиги маълум бўлгач, бир муддат аввал Фазлиддинни ғалаба билан қутлаган ўзбекистонликлар делегацияси аъзолари, энди уни фарзандлик бўлгани билан муборакбод эта бошлади.

Ним чорак финал жангини Фазлиддин Ғоипназаров 14 август куни ўтказади.