Ҳиндистонлик крикетчи Равиндра Жадежа сафари-паркидаги шер билан селфи тушгани учун жаримага тортилди. ОАВнинг хабар беришича, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлган сурат спортчининг Instagram аккаунтида эълон қилинган.

Маълум бўлишича, Жадежа сафари-парк қоидаларини қўпол равишда бузган. Ташриф буюрувчиларга ёввоий ҳайвонлар сайр қилиб юрадиган парк ҳудудида автомобиллардан тушиш тақиқланади. 

Спортчи сурат остида қуйидагича изоҳ қолдирган: «Жасур бўл, кучли бўл». У ўз постида #idontcare («Менга барибир») хэштегини илова қилган. Айримлар унинг бу ҳаракатини олқишлаган, бошқалар эса ҳаётини хавф остида қолдирганликда айблаган.

Сафари-парки маъмурияти Жадежа билан боғлана олмаган. Шу сабаб 20 минг рупий (300 доллар атрофида) жаримани унинг ўгай отаси тўлаган. Бундан ташқари, спортчининг ота-онаси унинг номидан тушунтириш хати ёзишган.