Бугунги кунда кўпчилик, хитой тилини ўрганиш мураккаблигини таъкидлайди. Аммо статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг ҳар беш нафаридан бири хитой тилини ўрганишни истамоқда. Шу сабабли, биз Тошкент давлат шарқшунослик институти Жаҳон сиёсати, тарих ва фалсафа факультети декани, сиёсатшунослик фанлари доктори, хитойшунос олим Исмат Бекмурадов билан суҳбатлашдик. 

- Ассалому алайкум Исмат ака, аввало, сизни Kun.uz ижодий жамоаси номидан юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклайман! Суҳбатимизни сиз фаолият кўрсатаётган олийгоҳда Мустақиллик байрамига тайёргарлик ишлари ҳақида бошласак?

- Қутлов учун ташаккур. Кириб келаётган улуғ айём барчага муборак бўлсин. Айни кунларда институтимизда 25 йиллик шодиёнага қизғин тайёргарлик кетмоқда. Биринчи навбатда, ўқув йили олдидан ободонлаштириш, биноларни қайта таъмирлаш ишлари. Қолаверса, янги ўқув дастур режалари устида иш олиб боряпмиз. Сентябрь ойида таниқли профессорлар, олимлар, ҳозирги кунда республикамизда хизмат ўтаётган давлатлар элчилари билан учрашувлар ташкиллаштиришни мақсад қилганмиз. Яна бир қувонарли жиҳат, бу йилги байрам жамоамиз учун қўшалоқ, боиси таълим муассасамиз ҳам 25 ёшга тўлади. Тантаналарни нишонлаш учун маъсулият ҳар қачонгидан кўра ортиқ.

- Эътироф этиш жоиз, Шарқшунослик институти Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Шарқшунос таржимонларга эса, давр талаби сифатида алоҳида  эътибор қаратилмоқда?

- Дарҳақиқат, малакали шарқшунос таржимонларга эҳтиёж кундан кунга ортиб бормоқда. Айниқса, бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорлари Осиё давлатлари эканлигини инобатга оладиган бўлсак, шарқ мамлакатларининг тиллари, адабиёти, маданияти ва сиёсатини чуқур биладиган кадрлар тайёрлаш зиммамиздаги асосий вазифалар сирасига киради. Биргина, 2014 йилда, институтимизда Президентимиз қарорлари билан “Хитойшунослик” факультети ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу факультетнинг моддий базасини яхшилаш мақсадида, ҳукумат томонидан самарали режалар амалга оширилди. Шунингдек, ҳозирда 50 дан ортиқ собиқ талабамиз қатор давлатларда дипломатик вакил вазифаларида хизмат қилишмоқда. Яқинда бўлиб ўтган, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида ҳам ўқитувчиларимиз таржимонлик вазифсини бажаришди. Қолаверса, ҳар йили 70 га яқин ўқувчимиз Осиё давлатларида бадиий таржима, синхрон таржима йўналишларида маълум муддат таълим олиб қайтишмоқда. 

- Мутахассис сифатида хитой тилини ўрганишни ният қилганларга қандай тавсиялар бера оласиз?

- БМТнинг бугунги кунда 5 та иш тили мавжуд. Хитой тили ҳам ушбу 5 тилнинг бири ҳисобланади. Кўпчилик хитой тилини ўрганишга қийналишларини айтишади. Тўғри, мазкур тил бошқа тилларга нисбатан иегрофлар сони кўплиги бўйича биринчи ўринда. Алоҳида талаффузга эгалигини ҳам таъкидлаш ўринли. Лекин бу мураккаб дегани эмас! Бирор нарсани ўрганиш учун, аввало, одамда сабр-қаноат, қизиқиш ҳисси юқори бўлиши даркор. Шундагина мақсадга эришилади. Биргина, яқин-яқингача Қамчиқ довонидан поезд йўли ўтишига ишонилмаган. Мана, “ўзбек-хитой жамоаси” буни уддалашди. Яна бир гап, дунёда инглиз тили бугун етакчилик қилмоқда, иккинчи ўринни хитой тили банд этган. Айрим нашрларнинг тахминларига кўра, яқин 50 йилда инглиз тили ўз ўрнини хитой тилига бўшатиб бериши эҳтимолдан холи эмас.

- Сиёсатшунос фанлари доктори ёш сиёсатшунослар эътиборини нимага қаратади? 

- Тарихдан маълум илк уйғониш даврини, дастлаб Шарқ давлатлари бошлаб берган. Кейинчлалик Европада бу жараён бошланиб, ривожланишда пешқадамлик улар томонига ўтиб кетди. Осиё ҳозирги кунга келиб, ривожланишда Европадан ўзиб кетиш арафасида. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бўлғуси сиёсатшуносларимиз, Осиё мамлакатларининг тарихини ўрганишлари, айни вақтдаги сиёсий фаолиятини чуқур идрок этишлари лозим. Давр бугунги дипломатик вакилдан камида уч тилни билишни тақозо этмоқда. Биринчи галда улар Ўзбекистон сўзининг қудратини жаҳонга намоён қилиш. Мамлакатимизни ҳам маданий, ҳам иқтисодий қудратини янада оширишлари керак, деб ўйлайман.

- Келажакдаги режаларингиз ҳақида тўхталсангиз?

- Бир неча йил олдин нуфузли Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг фаолияти бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган эдим. Баҳор ойида икки ой Хитойнинг нуфузли Пекин Чет тиллар университетида синхрон таржима йўналишида малака ошириб қайтдим. Яқин кунларда фаолият жараёним, шунингдек, мутахассислигимдан келиб чиққан ҳолда янги китоблар нашр эттирмоқчиман.