Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабаси Нодирбек Холиқулов шу йилнинг июль ойида  Германияда ўтказилган  коинот ва ахборот технологиялари соҳасига бағишланган халқаро ёшлар мактабида иштирок этди.

Вюрцбург университети томонидан ташкил этилган ёзги мактаб дастурида  Миср, Польша, Украина, Гватемала, Германия, Ҳиндистон, Мексика, Сербия, Македония, Уганда, Чехия ва бошқа мамлакатлар вакиллари иштирок этдилар.

Икки ҳафта давомида мактаб иштирокчилари робот ясаш, ернинг сунъий йўлдошларини бошқариш, алоқа, халқаро коинот тизимлари ва бошқа йўналишлар бўйича назарий билимлар олдилар. Назарий билимларни эса квадрокоптерлар ясаш ва ернинг сунъий йўлдошини бошқариш ҳамда бошқа мавзудаги амалий дарсларда мустаҳкамладилар. Мактаб иштирокчилари роботларнинг 3D суратларини яратиш бўйича ҳам иш олиб бордилар.

“Вюрцбург университетининг ёзги мактаби тадбирларга жуда бой ва қизиқарли бўлди. Ўқиш давомида алоқа ва коинот технологиялари соҳасида янги билимлар орттирдим. Маърузалар ракета ва ер йўлдошларини учириш бўйича катта тажрибага эга бўлган профессорлар томонидан ўтилди. Бу эса нафақат назарий билимлар олишга, балки мутахассисларнинг бой тажрибасини ўрганиш имкониятини яратди”, - деди Нодирбек Холиқулов.

“Менга Европа коинотни тадқиқ этиш агентлиги (ESA) ва Европа ер йўлдоши метеорология ташкилотига ташрифимиз ҳам қизиқ бўлди. Бу ерда ташкилот вакиллари ёзги мактаб иштирокчилари учун ташкилот фаолияти ҳамда коинотни тадқиқ этиш соҳасида халқаро ҳамкорлик бўйича қимматли маълумотларни бердилар”, - деб қўшимча қилди Нодирбек.

“Бугунги эришаётган ютуқларим заминида, биринчи навбатда, мамлакатимиз мустақиллиги туфайли ёшларга яратилган имкониятлар бўлса, иккинчидан, менинг Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида олаётган билимларим  ётади", - дейди Нодирбек сўзининг якунида.