Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган ёзги Олимпиада ўйинларининг бассейнларидан бирининг суви 10-августда кутилмаганда яшил тусга кириб қолди. Маълум бўлишича, сув рангининг ўзгаришига иссиқ ҳаво туфайли тез ўсувчи сув ўтлари сабаб бўлган, деб хабар қилмоқда СNN телеканали ташкилий қўмитага таянган ҳолда. 

Бассейннинг яшил тусга кириб қолганини биринчи бўлиб британиялик спортчи Том Дэйли Твиттердаги саҳифасида эълон қилди. Суратда иккита сув ҳавзаси яхши кўринади. Сув полоси майдони мовий тусда, сувга сакраш ҳовузининг ранги яшил. 

Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси эса, таҳлил натижаларига кўра, сув спортчиларга зарарли эмаслигини таъкидлаб, унинг ранги ўзгариши сабабларини аниқлашга ваъда берган. 

Бундан аввалроқ, сув туси тозалаш тизимидаги нуқсонлар туфайли ўзгаргани хабар қилинган эди. 

Кейинроқ, CNN телеканали Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитасига таянган ҳолда, сув рангининг ўзгаришига иссиқ ва шамолсиз ҳавода жуда тез ўсадиган сув ўтлари сабаб бўлганини маълум қилганди. Ташкилий қўмитага кўра, бу ўтлар инсон саломатлигига хавф солмайди, ҳовуздаги сув эса тез орада ўз ҳолатига қайтади. 

Олимпиадада иштирок этаётан спортчилар бу ҳодиса юзасидан ҳазил-мазахни бошлаб юборишгач, уларнинг сафига оддий мухлислар ҳам қўшилишди. 

Хусусан, америкалик югурувчи Дэвид Будия балки, Риода Авлиё Патрик куни нишонланаётгандир, дея ҳазил қилган. 

Твиттернинг айрим фойдаланувчилари эса, яшил бассейни ботқоқликка қиёслаган.