2016 йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” эзгу ғояси остида Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форумибўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва депутатлик корпуси аъзолари, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари, республиканинг турли худудларидан келган 200дан ортиқ ёш тадбиркорлар ва фермерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда O‘zLiDeP Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Форум Ўзбекистонда мустақиллик йилларида кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотларнинг амалий натижаларини ва бу ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида мамлакатда ёш мулкдорлар қатлами – ёш тадбиркорлар ва ёш  фермерларнинг  авлоди  шаклланганлигини  тарғиб  қилиш  ва  ёш тадбиркорлар  ва фермерлар  учун  мулоқот  майдонини  яратиш мақсадида ташкил этилди.

Бугун юртимизда 88061 нафар ёш тадбиркор ва минглаб ёш фермерлар фаолият юритмоқда. Форумдоирасида ўтказилган тадбирларда ёшларга оид давлат сиёсати мақсадларини ҳаётга татбиқ этиб бориш, бунда ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ёш тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмлариникенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

“Бизнесда муваффақиятга эришиш омиллари” номли маҳорат дарсларида илғор тадбиркорлар ва фермерлар томонидан иштирокчиларга маҳорат сабоқлари берилди. 

Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон ёш тадбиркорлар ва фермерлари эришаётган  ютуқлар  акс  этган  фотокўргазма ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намойиши ташкил этилди.