Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Шаҳрам Ғиёсов бугун 69 килограммгача бўлган вазн тоифасида нимчорак финал босқичидаги учрашувини ўтказди.

Литвалик Станионис Эимантасга қарши рингга кўтарилган Шаҳрам Ғиёсов ҳакамлар баҳосига кўра 3 раундда ҳам рақибдан устун келди - 29:28, 30:27, 30:27.

Биринчи босқичда Бухоро бокс мактаби тарбияланувчиси бўлган Ғиёсов испаниялик Юба Сиссокога ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. 

У энди чорак финалда иштирокини давом эттиради (13 август куни). Унинг бу босқичдаги рақиби Арманистон ва Куба вакиллари ўртасидаги жангда аниқланди. Бу жангда кубалик Иглесиас Рониел ғолиб бўлди.