«Реал» жамоасининг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду Португалиянинг Атлантика океанидаги Мадейра оролида ўрмон ёнғинларидан жабрланганларга кўмак беришни ваъда қилди. У ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шу ҳақида маълум қилган.

Қайд этиш керакки, Роналду айнан шу оролда туғилиб ўсган.

У бу борада маҳаллий ҳукумат раҳбари Мигель Албукерка билан суҳбатлашган ва молиявий кўмак таклиф қилган.

Футболчи орол аҳолиси учун айнан қанча миқдорда маблағ ажратмоқчи эканига аниқлик киритмаган, орол маъмурияти эса кўрсатиладиган маблағ табиий офат талофатларини қоплаш учун етарли бўлишига умид қилмоқда.

«Мадейрада бўлаётган ҳодисалардан қайғудаман. Барчага куч тилаб қоламан. Бошқаларни қутқариш учун ўз ҳаётини таҳликага қўяётган ўт ўчирувчиларга раҳмат. Мен сизлар билан биргаман!» — деб ёзди футболчи Instagram саҳифасида.

3 кундан буён Мадейра ёнғин ичида қолган. Ёнғинлар оролдаги Фуншал шаҳрини ҳам қамради. Ҳозирча ёнғинни бартараф этишнинг имкони бўлмади, шу вақтгача бир қанча тарихий обидаларни олов ютган.

Португалия бош вазири Антониу Коштанинг маълум қилишича, шу вақтгача ёнғинлар туфайли қурбон бўлганлар сони 4 нафарга етди, 300дан ортиқ киши жабрланган.

Ёнғин туфайли ҳудуддаги аэропорт фаолиятида ҳам узилишлар рўй бермоқда.

Манба: Tribuna.uz