Мексика телевидениеда жонли эфир орқали узатилаётган кўрсатув чоғида шер кутилмаганда кичик қизчага ташланиб қолди. The Sun'га кўра, бу воқеа Мексикадаги аёлларга бағишланган кўрсатув пайтида содир бўлган. 

Кўрсатув бошида бошловчи, қизча ва онаси, ёш шер ҳамда икки  мураббий ўтиришганини кўриш мумкин. Қизча безовталана бошлаган. Йиртқич ҳайвон болага яқин масофада ўтирган бўлган ва бирданига унга ташланиб, қизчанинг оёғидан панжалари билан торта бошлаган. Қизча қўрқиб кетганидан баланд овозда йиғлай бошлади.  Уни ушлаб ўтирган онаси ва ёнидаги аёл қизчани тортиб олишга муваффақ бўлишган. 

Ушбу вазиятда қизчанинг онаси ўзини қандай хотиржам тутганлиги кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Диққат билан томоша қилсангиз, мураббийлар унга ўзини шундай тутишни маслаҳат беришганига гувоҳ бўласиз. "Қимирламанг, ўзингизни хотиржам тутинг, тинчланинг", -  дейди мураббийлардан бири қизчанинг онасига. 

Энг асосийси, қизчага зиён етмади. Мураббийларнинг сўзларига кўра, шер шунчаки қизча билан ўйнагиси келган. 

Манбага кўра, бу кўрсатув суратга олинганига бир неча йил бўлган, лекин ижтимоий тармоқларда энди тарқалмоқда.