WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанжни Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида (у 4 йилдан буён шу ерда истиқомат қилмоқда) сўроқ қилинади.

The Guardian хабарига кўра, Эквадор прокуратураси Швеция томонининг сўроқ ўтказишига рухсат берди.

Эквадор томонининг қайд этишича, яқин ҳафталарда Ассанж билан сўроқ ўтказиш куни келишиб олинади.

Австралия фуқароси ҳисобланган Жулиан Ассанж Швеция томонидан жинсий товламачилик жиноятини содир этганликда айбланмоқда. Суд Ассанжни 2011 йил декабрида сиртдан ҳибсга олган. WikiLeaks асосчиси 2012 йил июнидан бери Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб турибди.

Ассанжнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилган айбловни тан олаётгани йўқ. Унинг сўзларига кўра, агар Швеция уни ҳибсга олса, дарҳол АҚШга топширади, АҚШ эса Ассанжни турли ҳукумат идоралари ва хизматларининг махфий ҳужжатларини омма эътиборига ҳавола қилиб юборгани учун таъқиб қилмоқда.

Май ойида Швеция олий суди WikiLeaks асосчисини ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни бекор қилмагани ҳақида хабар берилганди.