Triumph компаниясининг минг от кучига эга мотоцикли ўз рекордини янгилади. Британиялик мотопойгачи Гай Мартин бошқарувидаги стимлайнер АҚШнинг Бонневиль кўлида соатига 441,280 км тезликкача ҳаракатлана олган. 

Triumph Infor Rocket Steamliner моделининг корпуси карбон ва кевлар (пара-арамид (полипарафенилен-терефталамид) толаси)дан ясалган. Мотоциклга иккита турбо мотор ўрнатилган бўлиб, улар жами 1000 от кучини беради. 

«Триумф»нинг аввалги рекорди америкалик Боб Леппанга тегишли бўлиб, у 1966-йили Gyronaut X-1 моделида соатига 395,363 км тезликда ҳаракатлана олган. Triumph компаниясининг монокок (бундай қурилмалар ягона корпусга эга бўлиб, айни корпусдан бошқа ташувчи конструкция бўлмайди) русумидаги «стимлайнер»лари 1955- 1970 йиллар оралиғида энг тезкор мотоцикллар ҳисобланган.

2010-йилдан дунёнинг энг тез стимлайнери мақоми Аck Attack қурилмасига тегишли. У, Роки Робинсон бошқарувида айни шу Бенневиль кўлида соатига 605,7 км тезликда ҳаракатланган.