Исроил ва Туркия муносабатларини нормаллаштириш тўғрисидаги келишув Туркия парламенти томонидан яқин вақт ичида ратификация қилинади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли маълум қилган.

Исроил ва Туркия муносабатларни нормаллаштириш ҳақида келишувни 28 июнь куни имзолаган. Бу ҳужжат кучга кириши учун у икки давлат парламентлари томонидан тасдиқланиши талаб этилади.

"Бу жараён парламент таътилга кетишидан олдинроқ якунланади", деган вазир NTV телеканали мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавобан.

Франс Пресс агентлиги хабарига кўра, парламент август ойи охирида таътилга чиқади.

Келишув ратификация қилингач, икки мамлакат бир-бирига янги элчиларини юборади. Човушўғли Туркиянинг Исроилдаги янги элчиси ким бўлиши ҳақидаги саволга жавоб беришда қийналган.

Келишув «Мовий Мармара» пароми қўлга олинишида ҳалок бўлганларга товон тўланиши ва Ғазо сектори қамали енгиллашувига тааллуқли бўлган. Жумладан, томонлар «Мовий Мармара» қурбонлари яқинлари ва паромда жароҳат олганларга жами 20 миллион доллар товон тўланиши, Туркия томонидан Ғазода электр станцияси ва сувни тозалаш иншоотлари қурилиши ҳақида келишиб олган.

Анқаранинг учинчи шарти — паром қўлга олингани учун расмий кечирим сўраш олдинроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан бажарилган.