1-6 август кунлари Тошкентдаги Физика-Техника институтда Германия Федератив Республикасининг Фан ва Таълим вазирлиги тарафидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда Қуёш энергияси тадқиқоти” лойиҳаси иштирокчилари учрашишди. Мазкур лойиҳа асосида ушбу учинчи учрашув якуний учрашув бўлиб, 2 йилликка мўлжалланган лойиҳа натижалари билан томонлар танишишди. Мазкур лойиҳада Германиянинг Немис Аэрокосмик тадқиқотлар марказининг Қуёш иссиқлик станциялар бўлими ва Дрезден Техника Университетининг Иссиқлик Электр Станциялари бўлими ҳамда Ўзбекистон тарафидан Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Материалшунослик институти, Физика-Қуёш илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, шунингдек, “Ўзбекэнерго” ДАК қарашли Сирдарё Иссиқлик электр станцияси тадқиқот объекти сифатида иштирок этишди.

Учрашув жараёнида лойиҳа раҳбари Доктор Юрген Дерш Немис аэрокосмик марказининг қуёш энергияси соҳасида қандай илмий амалий ишлар олиб борилаётгани ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этди. Чунончи, Ўзбекистон-Германия ўртасидаги амалдаги лойиҳа марказ учун кейинги лойиҳаларга муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Дрезден Техника Университети томонидан Профессор Уве Гампе ўз тақдимотида Ўзбекистонда ҳозирда қурилаётган газ-буғ турбинали станцияларда қуёш иссиқлигидан унумли фойдаланишнинг энг илғор технологиялари ҳақида маълумот бериб, бу соҳада Ўзбекистон билан кенг миқёсда иш олиб боришга таёрлигини айтди.

Лойиҳа мақсади Сирдарё ИЭСида қуёш иссиқлигидан фойдаланиб, икки кўринишдаги фойда кўзда тутилган. Биринчиси, қуёш иссиқлиги ёрдамида яна кўпроқ электр энергия ишлаб чиқариш ҳамда иккинчи мақсад қуёш иссиқлигини жорий қилиш ҳисобига электр энергия ишлаб чиқариш учун ёқилаётган ёқилғи миқдорини камайтириш ва тежашдир. Лойиҳанинг ушбу қисми Дрезден Техника Университетига юклатилган бўлиб, у ердаги ёш ўзбек олимлари томонидан йиллик ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилиб, натижалар семинар иштирокчиларига ҳавола этилди.

Лойиҳа менежери Равшан Хўжанов