Замбияда президент, парламент ва маҳаллий сайловлар бошланди. Маҳаллий вақт билан соат 6:00да 15,5 миллион кишидан иборат Жанубий Африка мамлакатида овоз бериш учун 7 700 сайлов участкаси очилди. 

Рўйхатга олинган 6,7 миллион сайловчи беш йил муддатга давлат раҳбари, 150 нафар парламент аъзоси, шунингдек шаҳар мэрлари, ўнта провинцияда маҳаллий мажлис раислари ва аъзоларини сайлаши керак бўлади. 

Давлат раҳбари лавозимига тўққиз номзод даъвогарлик қилмоқда, бироқ асосий рақобат Ватанпарварлик фронти (ВФ) партияси вакили 60 ёшли амалдаги президент Эдгар Лунгу ва 54 ёшли Миллий тараққиёт бирлашган партияси (МТБП)  етакчиси Хакаинде Хичилема ўртасида кечади. Лунгу ҳукумат тепасига 2015 йилда президент Майкл Сатнинг ўлими туфайли бўлиб ўтган шошилинч сайловлардан кейин ўтирган. 

Ўшанда у Хичилему устидан минимал фарқ билан (1,66 фоиз) ғалаба қозонган - 48,33 фоиз/46,67 фоиз.