Audi компанияси энергия ишлаб чиқарувчи автомобиль подвескасини (автомобиль кузови билан йўлни боғловчи бўғин ролини ўйновчи детал, тугун ва механизмлар тўплами) тақдим қилди. У eROT деб номланди.

Таклиф қилинаётган тизимда анъанавий амортизаторлар электромеханик ротацион амортизаторлар билан алмаштирилди. Машина ҳаракатланиши жараёнида махсус механизм подвеска элементлари ишлаб чиқарадиган кинетик энергияни электр энергиясига айлантиради.

Audi’да таъкидланишича, тизим йўл қопламасининг турига қараб 3 Вт дан 613 Вт гача электр энергия ишлаб чиқариши мумкин. Ўртача миқдор эса  100–150 Вт ни ташкил қилади. 

Олинган электр энергияси литий-ион аккумуляторларнинг махсус 48 вольтли блокида захираланади. Батарея доимий ток ўзгартиргичи орқали 12 вольтли электр борт тизими билан боғланган.   

eROT тизими йўл қопламаси ёки ҳаракатланиш услубига кўра амортизаторлар кўрсаткичларини оптималлаштириш имкониятини назарда тутади.