12-август куни Австралия халқаро аэропортларида катта тирбандликлар кузатилмоқда. Бунга, яримтундан эътиборан бошланган чегарачилар ва божхона ходимларининг иш ташлаши сабаб бўлаяпти. 

Бугун маҳаллий вақт билан соат 12:15да Сидней аэропортида жиддий вазият юзага келган. Шу боис, Крайстчерч, Шанхай, Деҳли, Окленд (иккита рейс), Лос-Анжелес, Ванкувер, Ҳонгконг, Манилу (икки рейс), Йоҳаннесбург, Сантьяго, Сан-Франциско ва бошқа қатор транзит рейсларнинг келиш вақти ўзгартирилган. Бундан ташқари, Мельбурн, Брисбен, Аделаида ва бошқа шаҳарлардаги халқаро аэропортлардаги ҳолатлар борасида ҳам шу каби хабарлар мавжуд. 

Йўловчилар назорат-ўтказув пунктларида узун навбатда тураётгани сабабли ўз рейсларига улгуришмаяпти. Агроназорат хизмати ходимлари ҳам чегарачилар ва божхоначилар билан бирдамлигини намойиш этиш мақсадида, кун давомида бир соат ишларини тўхтатишади. 

Иш ташлаётганлар ҳукуматнинг икки йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган иш ҳақи ва товон пуллари миқдорини ошириш бўйича музокаралардаги қарашини ўзгартиришга уринишмоқда. 

"Бизнинг (мамлакат ҳукумати билан) музокараларимиз мана салкам уч йилдан бери давом этади, аммо бош вазир Малколм Тернбулл муаммони ҳал этиш учун бирон чорага қўл ургани йўқ", - дейди Австралия давлат хизматчилари касаба уюшмаси (CPSU) котиби Надин Флад. 

Унинг аниқлик киритишича, касаба уюшмасининг "халқаро аэропортлардаги разведка ва аксилтеррор масалалари билан шуғулланувчи аъзолари иш ташламайди". 

"Мазкур иш ташлаш йўловчилар хавфсизлигига ҳам ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди", - деб таъкидлаган CPSU котиби.