“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Сизга маълумки, “Соғлом авлод учун” фонди бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш учун бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2016 йил давомида фонд мазкур йўналишда Германиянинг Friedensdorf International халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Save the Children халқаро фонди, Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH фонди, Ewha Womans University, Severance University, Инҳа ва Бундан Ча университетлари госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.

Жумладан, фонд узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Фонд 2014 йилдан бошлаб Корея Республикасининг Ewha Womans University госпитали билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, Ewha Womans University госпитали малакали шифокорлари томонидан 2015 йилнинг 4-7 август кунлари Андижон вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида бўлишиб, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида истиқомат қилувчи жами 1026 нафар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18 июль 2016 йилда тасдиқланган 10/1-3331 сонли ташриф Дастури асосида жорий йилнинг 2-8 август кунлари Корея Республикасининг Ewha Womans University госпитали малакали шифокорлари (27 нафар профессор-ортопед, кардиолог, педиатр, оториноларинголог, гемтолог-онколог, тезкор тиббиёт профессори, фармацевт, тиббиёт ҳамширалари, стомотолог-гигиенист, талабалар ва кўнгиллилар) юртимизга ташриф буюришади. Улар Андижон вилоятида 3-6 август кунлари Андижон вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида Фарғона водийси (Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари) аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади ва хорижий профессорлар томонидан Андижон давлат тиббиёт институти талабалар ва магистрлари учун ортопедия ва кардиология соҳаларида лекциялар ташкил этишади. Шунингдек Кореялик талабалар Андижон давлат тиббиёт институти фаолияти билан яқиндан танишишиб, тиббиёт соҳасидаги билимларини чуқурлаштириш мақсадида ўзаро фикрлар алмашишади.

Тиббий кўрикдан ўтганларга хорижлик мутахассислар ўзлари билан олиб келган дори-дармон ва санитария-гигеина воситаларини беморларга бепул тарқатишди.