Ўзбекистоннинг барча жойларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам мактаб ярмаркалари иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шаҳар ва туманларда ташкил этилган мактаб бозори ва ярмаркаларда 26 турдаги ўқув анжомлари савдоси йўлга қўйилди. Ўқув қуролларининг сифати, дизайни ўқувчи диди ва дунёқарашига мос, танлаш имконияти кенг. Ярмаркаларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани ота-оналарни хурсанд қилмоқда.

– Барча бозор ва савдо мажмуаларида, туманлар марказидан узоқда бўлган 114 умумтаълим мактабида шундай ярмаркалар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зикрилло Тешабоев. – Ушбу савдо нуқталари орқали вилоятдаги 916 умумтаълим мактабида таҳсил олувчи 500 мингдан зиёд ўқувчига зарур дарслик, ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар етказиб бериш режалаштирилган.

Олтиариқ туманида ҳам бозор ва 1, 2, 13, 17, 20, 23-умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар коллежларида савдо ярмаркалари ташкил этилди. Туман “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида очилган мактаб ярмаркасига ўндан зиёд тадбиркор жалб этилиб, белгиланган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилган.