АҚШ Миллий футбол лигаси (NFL) доирасидаги "Baltimore Ravens" ва "Carolina Panthers" жамоалари ўртасидаги баҳс америкалик сузувчи Майкл Фелпснинг Олимпиададаги иштироки бошланганида тўхтатиб турилди. Бу вақтда сузувчининг чиқиши стадионга ўрнатилган катта экран орқали трансляция қилинган.

Mashable хабарига кўра, футбол жамоалари футболчилари бу таклифга рози бўлишган ва улар ҳам мухлислар қаторида Фелпснинг чиқишини томоша қилишган.

Эслатиб ўтамиз, 11 август кунги мусобақаларда Фелпс 200 метр масофани биринчи бўлиб босиб ўтиб, Олимпиада ўйинларининг 22 карра чемпионига айланди.

У маррага биринчи бўлиб етиб келганида стадион қувончли ҳайқириқларга тўлиб кетган.

"Carolina Panthers" жамоаси бу ўйинда мезбонларга ютқазди ва жамоанинг твиттердаги саҳифасида Фелпснинг сурати орқали бу ҳолатга "норозилик муносабати" билдирилди.