Хитойда 2016 йилнинг дастлабки 7 ойида интернет орқали чакана савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,5 фоизга ошиб, 2,6268 трлн юанга (395 млрд доллар) етди. Бу ҳақда Хитой давлат статистика бошқармаси ҳисоботида маълум қилинди. 

"Интернет орқали харид қилиш Хитой аҳолиси орасида одат тусига кирмоқда. Бу ишлаб чиқарувчиларга ҳам таъсир қилишни бошламоқда. Шунгача етиб бордики, компанияларнинг бир қисми ўз маҳсулотини фақатгина интернет орқали сота бошлади", деб айтди бошқарманинг расмий вакили Шэн Лайюнь.

Ҳисоботда таъкидланишича, Хитойда интернет-савдолар улуши аҳолининг умумий харидлари ҳажмида 11,6 фоизга етди. 

Айни вақтда Хитой ҳукумати интернет, электрон савдонинг ривожланишига катта эътибор қаратмоқда. Аввалроқ Хитой бош вазири Ли Кэцян киберҳудуд инновациялар учун кенг истиқболли майдон ҳисобланишини айтганди. Унинг айтишича, айниқса логистика соҳасида туб ўзгаришлар юз бермоқда.