“Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивалининг асосий кунида иштирокчилар Мустақиллик ва эзгулик монументи “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди. Ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган ёшлар Она сиймосига таъзим бажо келтирар экан, шу азиз Ватаннинг тинчлиги-ю осойишталигига, барқарорлиги-ю мусаффолигига бирдек масъул эканликларини яна бир бор теран англашди. Мамлакатимиз бош майдонидан ўрин олган Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Молия вазирлиги бинолари, шунингдек, хотира майдони иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Фестиваль иштирокчилари учун энг кутилмаган туҳфа Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ташкил этилган учрашувлар бўлди. Мазкур учрашувлар ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширибгина қолмай, балки уларни келажакка дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси ва унинг фаолияти билан яқиндан танишув ҳамда ёшлар учун самимий учрашувлар ташкил этилди.

Шунингдек, парламентнинг юқори палатасида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Унда иқтидорли ёшлар Олий Мажлис Сенати аъзоси, Сенатнинг Фан, таълим ва спорт масалалари қўмитаси раиси Гавҳар Алимова ҳамроҳлигида Олий органни сайр этишди.

Ҳар бир давлатнинг интеллектуал салоҳияти, аввало, унинг ёшларига қаратилаётган эътибори билан баҳоланди. Бугун "Бахтли болалар мамлакати" дея эътироф этилаётган Ўзбекистон ёшларига қилинаётган ғамхўрлик таҳсинга лойиқ. “Камолот” ёшлар ижод саройида "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати" мавзуида бўлиб ўтган амалий семинар айни шу масалаларга бағишланди. 

Семинарда "Камолот" ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев, ёш олим, адабиётшунос, таржимон Шуҳрат Сатторовлар билан ёшларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди. 

Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистон истиқлолнинг илк йилларида, бундан 25 йил олдин ўта оғир бир пайтда "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида"ги Қонунни қабул қилинди. Бу бежизга эмас албатта. Мамлакат келажагига мустаҳкам пойдевор қўйилгандагина унинг тараққиёти барқарор бўлади. 

Семинар давомида Ҳаракатнинг ҳар бир йўналиши бўйича ёшларга оид давлат сиёсатини таҳлил этишга қаратилган тақдимот ҳам бўлиб ўтди.
Кун сўнгида фестиваль иштирокчилари учун Киночилар уйида “Ойқиз эртаги” фильми ижодкорлари билан учрашув ва фильм намойиши ҳамда “Истиқлол фарзандлари” махсус ток-шоуси тасвирга олинди.  Фестивалнинг иккинчи куни шу тарзда якунланди.