Mercedes-Benz компаниясининг электрокарлар ишлаб чиқарилувчи алоҳида суббренди MEQ номи остида фаолият кўрсатади. Бу ҳақда Auto Express нашри хабар берган.

«Мерседес» патент бюросида нафақат MEQ брендини, балки бир қатор индекслар линиясини рўйхатдан ўтказган — улар қаторида EQA, EQB, EQX номлари бор. Бундан ташқари немислар маркаси «EQ Inside», «EQ Boost» ва «Generation MEQ» реклама шиорларини патентлаган.

Нашр маълумотига кўра, «Мерседес» суббренди BMW ўзининг «i» электрокарлари учун яратган суббрендидан кучли бўлиши режалаштирилган. Ҳозирда BMW эко-моделлари линиясида i3 электр хэтчбеки ва i8 спорт гибриди купесини ишлаб чиқармоқда.

Mercedes-Benz компаниясининг MEQ маркаси остидаги илк автомобили EQS седани бўлади —  Tesla Model S русумига рақобатчи сифатида. Уни 2017 йил бошида тақдим этиш режалаштирилган. Лекин бу автомобилнинг сотувга чиқиши 2019 йилдан олдин кутилмайди. 2018 йил Париж автосалонида яна бир электр кроссовер тақдимот қилинади — бу ўрта ўлчамдаги йўлтанламас Tesla Model X ва Audi Q6 e-tron автомобилларига рақобатчилик қилади. Унинг серияли версияси 2019 йилдан кейин сотувга чиқади.

Икки автомобиль ҳам EVA платформасида ишлаб чиқарилади. Уларда C-Class ва S-Class оилалари учун қўлланадиган MRA модель шассисининг бир қатор компонентлари қўлланади.

Платформада камида 4та модел тайёрланади: икки кроссовер ва икки седан. Бундан ташқари, Mercedes-Benz электротягач (шатакчи) ва Sprinter электрофургони ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мўлжаллаган.

Янги электромобилларни ишлаб чиқариш компаниянинг Бремендаги заводида йўлга қўйилади. Электромобилларнинг йўл захираси 500 километрни ташкил этади, ташқи қиёфаси эса капотида уч қирра юлдузи бор русумлардан сезиларли фарқ қилади.