Ўтган йилнинг ёзида билдирилган прогнозлар ўзини оқламади. Кўпчилик  «Лестер»ни АПЛдан тушиб кетишини тахмин қилганди. Якунда Варди ва «тулкилар» жамоаси футболчилари шампанга чўмилиб чемпионликни нишонлашди.

Ўтган мавсумдан сабоқ чиқарган АПЛ грандлари янги мавсум арафасида трансферларга зўр беришди. Катта мақсадларга эга жамоалар камида 4 нафардан савияли футболчилар билан таркибларини тўлдиришди ва тўлдиришда давом этишмоқда.

Қуйидаги прогнозда жамоалар ҳозирги ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда 20та ўринга жойлаштириб чиқилган ва жамоаларнинг имкониятлари баҳоланган. Аслида қайси жамоа футболчилари кубокни бош узра кўтаришини 2017 йилнинг баҳори охирига бориб кўрамиз.

20. «Ҳалл Сити»

Чемпионшипдан юқори лигага кўтарилган «йўлбарслар» жамоаси илк турни амалдаги чемпион «Лестер»га қарши ўтказади. Лекин жамоа мураббийсиз қолган. Стив Брюс билан шартнома бекор қилинди, янги мураббий топилмаган. Шунингдек, бу жамоа ёзги трансферлар вақтида биронта янги футболчи харид қилмади. Аксинча «Ҳалл»нинг ўтган мавсумдаги энг яхши футболчиси, ўтиш ўйинида «Дерби Каунти» дарвозасини ишғол қилиб, жамоани АПЛга қайтарган  Муҳаммад Диаме «Ньюкасл»га сотиб юборилди. Жамоага яхши мураббий олиб келинсагина лигада қолиш имкони бўлади. Қолаверса, бу вақтда жамоа хўжайини клубни сотиш тараддудига тушган. Бу жамоа ҳам хитойлик инвесторлар қўлига ўтиши мумкин.

19. «Бёрнли»

«Бёрнли»да харизматик мураббий Шон Дайч ва унинг ўзига ўхшаган шогирди, ҳужумчи Андре Грэй бор. У ҳақда янги мавсумда кўп гапиришлари кутилади. Лекин АПЛ дебьютанти яна лигада «жон сақлаб қолиш» учун кураш олиб бориши тайин. Жамоа чемпионшипдаги таркибини деярли ўзгартирмаган, «Бёрнли»нинг янги мавсум арафасидаги икки трансфери –  «Чарльтон»дан сотиб олинган футболчилар. Жамоа футболчиларига АПЛ жамоалари билан курашларда  савия етишмай қолиши мумкин.

18. «Уотфорд»

Англияга италиялик мураббий Вальтер Маццарри ва  «Гранада» футболчиларидан бир қанчаси олиб келинди. Лекин мураббийни «Уотфорд»да баъзи қийинчиликлар кутиб турибди. Таркиб футболчилари географияси турли-туман бўлиб,  Маццаррида футболчилар билан алоқа ўрнатишга тил бўйича муаммолар халақит бериши мумкин. Кике Флорес футболчиларнинг тилини топганди, лекин уни ишдан бўшатишди.

17. «Сандерленд»

Бир жамоанинг 30-тургача "хавфли ҳудуд"да юриб, охирги турларда "жон сақлаб қолиши" Англия премьер-лигаси анъанаси айланган. Бу вазифани «Сандерленд» икки йил давомида муносиб уддалади. Дэвид Мойес Манчестерда мураббийлик салоҳияти даражасини кўрсатиб қўйган, Дефо энди аввалги Дефо эмас,  Янн М’Вила эса Франция терма жамоа сафига чақирилмайдиган савиядаги футболчи. Мойес жамоага ўзининг собиқ иш жойидан Аднан Янузайни ҳамда яна икки ёш ҳимоячи, Макнейр ва Лавни олиб келди. Лекин жамоа ўз анъанасини давом эттириши ҳақиқатга яқинроқ.

16. «Суонси»

Уэльсликлар сардори Эшли Уильямс «Эвертон»га, етакчилардан яна бири Андре Айю «Вест Ҳэм»га сотиб юборилди. Уларнинг ўрнига ҳужум чизиғи испанияликлар жуфтлиги Льоренте ва Борха Бастон харид қилинди. Лекин «Суонси» таркиби жиддий равишда кучсизлангани таъкидланмоқда. «Оққушлар» жамоаси мухлислари Гилфи Сигурдссонга умид қилишмоқда. Шунингдек, америкалик инвесторлар жамоанинг АПЛда қолиши учун пул ажратишига.

15. «Вест Бромвич»

Тони Пьюлисни динозаврларга қиёслаш мумкин. Унинг «Вест Бром»и чиройли ўйин кўрсатмайди, шунчаки эски британча футбол. Клуб катта трансферларга қўл урмайди, АПЛнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилган жамоаси – деярли ҳеч кимни сотмайди ва деярли ҳеч кимни сотиб олмайди. «Вест Бром» – катта зиёфатга келиб қолган жайдари, беўхшов либослар кийган йигитга ўхшайди. Лекин "бу йигит" ўз ўрнини топа олади. Турнирнинг доимий ўртамиёнасини бу сафар ҳам кимдир жойидан силжитиши даргумон.

14. «Мидлсбро»

Испаниялик Айтор Каранка илк марта устози Жозе Моуриньога қарши чиқади. Шунингдек, бу унинг юқори лигадаги илк учрашуви. Жамоа ёзги трансферлар вақтида Виктор Вальдес, Гьюзан, Негредо, Фабио да Сильва каби тажрибали футболчиларни, даниялик тезкор ҳужумчи Виктор Фишерни, янги Канте деб қаралаётган Мартен де Роонни таркибга қўшиб олди. Ўтган мавсумда чемпионшип чемпиони бўлган жамоа АПЛда ўзини кўрсатиши аниқ.

13. «Борнмут»

Эдди Хауни барча ёқтиради – у "футбол жинниси", у «Борнмут» ўйинини тўпни назорат қилиши услуби асосига қурди. Маҳорати туфайли уни Англия терма жамоаси бош мураббийлиги учун номзод сифатида кўришди. Бу ёзда унинг жамоаси янада кучайди – «Борнмут» «Ливерпуль»дан Жордон Айбни сотиб олди. Серғайрат Хауда ўзи каби ёш жамоа.

12. «Кристал Пэлас»

«Вест Бромвич»га ўхшаш яна бир жамоа – типик инглизча жамоа. Таркибда ҳам кўплаб британияликлар, қайсики, тўпни қанотлардан марказга узатиб бериш билан шуғулланувчи ва стандард вазиятлар усталари. «Пэлас»нинг ўтган мавсумдаги голурарларидан бири баланд бўйли ҳимоячи Скотт Данн бўлди. «Ойначилар» жамоаси ишонч билан айтмоқдаки, клубда янги «Атлетико»га айланиш режаси мавжуд. Жамоа юқори чўққиларни кўзлаган. Режа бўлгани яхши, лекин бу сафар жамоа кучлилар қаторидан жой олиши қийин.

11. «Сток Сити»

Стокдагилар «Барселона»га айланишни исташади, бунинг учун  газонларни ўстиришмоқда, Марко Арнаутович ва Шердан Шакирини олиб келишган. Швейцариялик футболчи Евро-2016 вақтида Польшага ургани каби голларни ички чемпионатда ҳам уриб туради. «Сток» ўтган мавсумда ҳар қандай жамоа учун муаммо туғдирди –  «кулоллар» жамоаси ҳужумга ўтганида енгиллик ва ижодкорлик билан ҳаракат қилади, ҳимояда эса бўйдор футболчилар мустаҳкам қўрғон ҳосил қилишади. «Сток» янги мавсумда ҳам шундай ўйнаши кутилмоқда.

10. «Эвертон»

«Ирискалар» жамоаси «Тоттенҳэм» йўлидан бормоқда, ислоҳотлар таркибда эмас, юқорида амалга оширилди. Энди жамоани Роналд Куман бошқаради (у «Саутҳемптон»даги ишини такрорлай олиши шубҳасиз), скаутинг билан эса бундан олдин «Лестер» учун иқтидорлар излаган Стив Уолш шуғулланади. Қолаверса, Фарҳод Моширийнинг голлари. У «Эвертон»ни топ-клубга айлантирмоқчи. Лекин ҳозирча «ирискалар» трансфер қилишда фаол эмас. Фақат Уильямс ва Болази сотиб олинди. Куман асосий ҳимоячи Стоунзни сотишга рози бўлди ва 1 сентябргача Ромелу Лукаку сотилиб кетмаслигига умид қилмоқда. Ушбу мутахассис жамоа қуришга уқувли, лекин ҳозирги таркиб билан катта жамоаларга қарши туриш ва ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлиш мушкул.

9. «Саутҳемптон»

Куман ўрнига «Саутҳемптон»га Франциядан Клод Пюэл келди. У ўтган мавсумда «Ницца»ни бошқарган ва жамоани янги босқичга олиб чиққанди. У ўзининг севимли 4-4-2 тактикасини Англияда ҳам қўллай бошлайди. Унинг алоҳида жиҳати  – ёшларга ишонч билдиради. Энди биз  «авлиёлар» жамоаси академиясида тарбияланган ёшларни тез-тез кўриб туришимиз мумкин бўлади. Пюэл «Саутҳемптон»ни ҳозирги ҳолатида сақлаб қолиши ҳам катта иш ҳисобланади. Молиявий имкониятлари чекланган жамоа доимий равишда ўз етакчиларини сотиб кун кечириб келади. Бу ёзда ҳам Ваньяма, Мане ва Пелле бошқа жамоалар сафига ўтиб кетишди. Лекин «Сотон» ўтган мавсум олдидан ҳам шундай ҳолга тушганди ва якунда маррага еттинчи бўлиб келди.

8. «Вест Ҳэм»

«Болғачилар» еврокубоклар ҳудудига интилмоқда. Таркиб Андре Айю, Софьян Фегули, Хонатан Кальери Олимпия стадионига келди. «Вест Ҳэм» таркиби эндиликда 8-ўриндан юқорига курашишга тўла имкон беради. Лекин бир савол очиқ қолмоқда, «болғачилар» ўйини ҳамон Димитри Пайега боғлиқ бўладими? Ўтган мавсумда кўрдикки Пайеси бор «Вест Ҳэм» бошқа, Пайеси йўқ «Вест Ҳэм» бошқа.

7. «Лестер»

Чемпионлик эртаги – ажойиб, аммо энди «Лестер»ни Европа Чемпионлар Лигаси кутмоқда, камтаргина таркиб эса «тулкилар»га бу халқаро майдонда эркин ҳаракатланишга имкон бермаслиги тайин. Маҳрез ва Варди ўтган мавсумни зўр ўтказди, лекин бу мавсумда уларни Канте эмас, Нампалис Менди қўллаши керак бўлади. Жамоанинг яна бир хариди эса Россия чемпионати вакили - Аҳмад Муса. Клаудио Раньерига бу сафар руҳлантирувчи, далда берувчи сўзлар, пиццалар ёрдам бермаслиги мумкин. У яна «Лестер»нинг асосий мақсади 40 очко тўплаш демоқда, шундай экан бу жамоа 7-ўриндан юқорироққа кўтарилишига умид қилмаса ҳам бўлади.

6. «Тоттенҳэм»

«Шпорлар» ёзда ўз етакчиларини ҳеч кимга сотмади, аксинча таркибни кучайтирди, «Саутҳемптон»дан Виктор Ваньяма, «Алкмар»дан – нидерландлар Вардиси Винсент Янссен олиб келинди. Лекин бу ўринда парадокс: АПЛнинг ўтган мавсумида барчага даҳшат олган жамоа янги мавсум арафасида у қадар кучли кўринмай қолмоқда. «Тоттенҳэм»да жамоавий ўйин жуда яхши ташкил этилган, жамоа  ижодкорона ўйин намойиш этишда давом этиши шубҳасиз, Янссен  Маурисио Почеттино учун тактик турли-туманлик учун имкон беради. Лекин жамоада руҳият кучли эмас, буни жамоа ўтган мавсум финишида кўрсатиб қўйишди, рақобатчиларнинг ҳаддан ортиқ кучайгани уларга таъсир кўрсатмай қолмайди. Жамоа Европа  чемпионлар лигасида ўзини қандай кўрсатишини кузатамиз: жўшқин футбол «Тоттенҳэм»га хос, лекин захира ўриндиғи кенг эмас. Бу «шпорлар» йўлидаги ямага айланиши мумкин. Лекин жамоа чемпионлик учун курашиб, яна ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлишга ҳаракат қилади.

5. «Ливерпуль»

Юрген Клопп «Ливерпуль»да мавсум бошидан ишлайди – Европа Лигаси билан чалғимайди, график тиғиз эмас, таркиб Мане ва Вейналдум билан бойитилган. Энди мерсисайдликлар жамоаси янада тезкор ва технар. Фирмино, Коутиньо ва Клопп келиб, янги қирралари очилган Лалланага савияли футболчилар ёрдам беришини назарда тутадиган бўлсак, «Ливерпуль» қандай кучайганини тасаввур қилиш мумкин. Бу жамоа «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгиб, ўз даъволари ҳақида огоҳлантиргандек. Шунингдек жамоага «Бавария»даги асосий мутахассислардан бири келиб қўшилди… Лекин футболда тезкорлик барчасини ҳал қилмайди. «Ливерпуль»-2015/16 барқарор эмасди ва ўртамиёналарга тез-тез ютқазиб турарди. Клопп аввал шундай муаммоларни бартараф этиши керак бўлади.

4. «Арсенал»

Арсен Венгер ҳар бир чизиқни янги футболчилар билан тўлдиришни истаганди, аммо ҳозирча фақат ярим ҳимоячи Гранит Чака сотиб олинган. Ҳужумчи муаммоси очиқлигича қолмоқда. На Варди, на Ҳигуаин ва на Ляказет келди. Уларнинг ўрнига ёш ва умидли япониялик йигитча Лондонда. Арсен Венгер мавсумни жароҳатларсиз ўтказишга умид қилаётганди, аммо мавсум бошланмасиданоқ жамоанинг икки сардори Пер Мертесакер ва Лоран Косельни жароҳат олди. Яна бир марказий ҳимоячи Габриэл Паулиста ҳам жароҳат туфайли 2 ой майдонга туша олмайди. Шундай экан, эндиликда асосий муаммо ҳужум эмас, ҳимояда. Энди мавсумнинг илк турида «Ливерпуль»га қарши ўйинда Чемберс – Ҳолдинг жуфтлиги ҳаракатланадиган бўлиб турибди. («Арсенал» Мустафини сотиб олишга яқин турибди). Арсен Венгер «Арсенал»нинг эскича ўйин услубини қўллашда давом этиши аниқ,  лекин бу ҳолда «канонирлар» кўп голли вазиятлар яратиб, кам гол уришда ҳам давом этиши мумкин. Арсен Венгер ҳам соврин ютишни истайди – аммо клубнинг ҳолати яна тўртинчи ўринга мос.

3. «Челси»

Антонио Конте Лондонга келиб, дарҳол марказий ҳужумчи Миши Батшуайини сотиб олган бўлсада (иккинчи Дидье Дрогба бўлиши кутилмоқда) алал-оқибат ҳимоявий жамоа тузиши тайин. АПЛ – жуда қийин турнир, Конте эса Гвардиоладан фарқли равишда ҳамиша иккинчи ва учинчи планларга эга бўлади. Унинг «Челси»си Италия терма жамоасига ўхшаб шакллантирилса, бизни тенг кучли жамоаларга қарши зўр ўйинлар кутади. Лекин бундай жамоа ўртамиёналар билан қийналиши мумкин. Ҳозирча «пенсионерлар»ни 3-ўриндан юқорига қўйиш ўринсиз.

2. «Манчестер Юнайтед»

Мавсумолди йиғинлари ва Англия  Суперкубоги «МЮ»нинг бу мавсумда АПЛ чемпионлиги учун асосий даъвогарлардан бири эканини кўрсатди. Лекин Моуриньо ҳали кўп м саволларни ечишига тўғри келади. Жамоада Погбага қаердан жой топиб бериш керак. Уэйн Руни ҳужумда ўйнайдими, ярим ҳимоядами? Златан Англияда ҳеч бўлмаса 20та гол уриши учун нима иш қилиш керак? Ҳимоядаги аҳмоқона хатоларни қандай йўқ қилса бўлади? Саволлар чексиз. Моуриньо, жамоанинг сиқиб, сувини чиқаришга уста. У балки саволларнинг аксарига жавоб топар. Лекин бу ҳам чемпионликни кафолатламаслиги мумкин.

1. «Манчестер Сити»

Хосеп Гвардиола АПЛни ўзининг севимли услубида ютмоқчи. У буни мавсумолди йиғинлари вақтидаги интервьюларида қайта-қайта такрорлади. Агуэро, Сильва, Де Бруйне тўпга эгалик қилишда моҳир, бу ёзда «Сити» полки яна бошқа шундай футболчилар билан тўлдирилди. Гвардиола ўз ғояларини «Сити»га сингдириши қийин кечмайди, жамоа бунгача ҳам шунга яқин услубда ўйнаб келган. Бу жамоа футболчиларига ғалаба учун характер, мустаҳкам асаблар зарур бўлади. Гвардиола бунга эриша оладими? Конте билан бўлгани каби унга ҳам АПЛга мослашмаганлик омили халақит бериши мумкин. Аммо Пеп тактик жиҳатдан жуда бой ва уни Венгер каби юқори тоифали мураббийлар ўраб турганида унинг маҳорати янада ортиб бориши тайин.

Манба: Tribuna.uz