11 августда Россиянинг Омск шаҳри йўл-патруль хизмати нозирлари Toyota Land Cruiser Prado йўлтанламасини ҳайдаб кетаётган 11 ёшли болани тўхтатишди. Бу ҳақда шаҳарнинг полиция расмий сайти маълум қилди.     

Бола машинада ўз амакиси билан бирга бўлган. Боланинг машинани ҳайдашга ундаган сабаб ҳам болаларча "беғубор" бўлган. 

"Жуда ҳам музқаймоқ егим келди, яқин орада эса у йўқ эди. Дадамни музқаймоқ олиб беришларига ярим соат кўндира олмадим. Кейин ўзим кетдим", деб айтган бола.

Воқеа жойига боланинг 48 ёшли отаси чақиртирилган. Ота "ўғли машинани яхши ҳайдай олгани учун ўғлига уни ҳайдашни ишониб топширганини" айтган. 

Маълум қилинишича, транспорт воситасини ҳайдашни ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган шахсга ишониб топшириш бўйича боланинг отасига нисбатан 30 минг рубль жаримани назарда тутувчи маъмурий иш очилди. 

Бола полиция бўлимига олиб борилган ва у билан тушунтириш ишлари ўтказилган.