Сайёрамизнинг энг узоқ умр кўрувчиси номини олган грендланд кити ўз мақомини йўқотган кўринади: олимлар 400 йилгача яшайдиган янги "етакчи"нинг номини маълум қилишди. Бу қайси жонзот дейсизми? 

Бугунги кунда жонзотлар ҳаёт давомийлиги бўйича энг нуфузли маълумотлар базаси бўлмиш AnAge'га кўра, умуртқалилар орасида энг кўп умр кўрувчи жонзот гренланд кити (Balaena mysticetus) ҳисобланади. Гренланд китининг расман рўйхатга олинган ҳаёт давомийлиги - 211 йил. Унинг кетидан рўйхатда алеут денгиз олабуғаси (205 йил), галапагос тошбақаси (177 йил), шимолий денгиз олабуғаси (157 йил) ва кўл балиғи (152 йил) номлари қайд этилган. 

Balaena mysticetus

Инсон бу рейтингда 11-ўринни (122,5 йил) эгаллайди.

Олимларнинг халқаро жамоаси бунга доир тадқиқот олиб борди ва қуйидаги хулосага келди: энг узоқ умр кўрувчи жонзот гренланд кити эмас, гренланд қутб акуласи (Somniosus microcephalus) бўлиб чиқди. 

Somniosus microcephalus

Шимолий Атлантика сувларида яшовчи гренланд қутб акуласи соатига 2,7 километр тезликда ҳаракатланади, уларнинг вазни 400 килограммгача, узунлиги эса 4-5 метргача етади. 

Яқинда Science журналида чоп этилган мақолада олимлар сенсацион маълумот беришди: Улар гренланд қутб акуласининг 400 йилгача яшаши мумкинлигини аниқлашга муваффақ бўлишди.

Бу уларни сайёрадаги энг узоқ яшовчи умуртқалилар, деб ҳисоблаш учун асос бўлади.

Тадқиқот олиб борилган энг кичик акула узунлиги 81 сантиметрдан иборат бўлган, энг йириги эса - 502 сантиметр. Изланиш давомида олимлар узоқ умр кўрувчи урғочи акулаларнинг репродуктив ёши 156 ёш эканлигини аниқлашди.