АПЛнинг янги мавсум арафасида «Ҳалл» жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи шуни тан олдики, айни вақтда жамоада жароҳатлар эпидемияси давом этмоқда ва майдонга тушириш учун футболчилар танқислиги кузатилмоқда.

«Биз Премьер-лигадаги рақобатга бардош бера оламизми? Мен бундай ўйламайман. Сабаби жароҳатлар. Гап қисқа муддатли жароҳатлар ҳақида эмас. Кўп футболчиларимиз узоқ муддатга сафдан чиққан.

Трансферлар? Биз раҳбарият билан клуб келажагини муҳокама қиламиз. Бизга керак бўлган футболчилар бошқа жамоаларга ўтиб кетиб бўлди. Энди керакли футболчиларни топиш қийин. Барчасини бошқатдан бошлаш керак», – дея Феланнинг сўзларини келтиради Daily Mail.

12 йил давомида «МЮ»да Фергюсонга ёрдамчи бўлган Майк Фелан «Ҳалл» жамоасида Стив Брюс бош мураббийликдан озод қилингач, бош мураббий вазифасини вақтинчаликка бажарувчи сифатида тайинланди.

«Ҳалл» – АПЛ жамоалари орасида ёзги трансферларда шу вақтгача ҳали янги футболчи сотиб олмаган ягона жамоа ҳисобланади.

Манба: Tribuna.uz