АҚШлик сузувчилар Рио-де-Жанейродаги Олимпиадага тайёргарчилик кўриш вақтида BMW’нинг автопилотида ишлатиладиган технологиядан фойдаландилар. Бавар маркаси бу технологияни сузувчилар учун мослаштирди ва у сузиш бўйича АҚШ терма жамоаси томонидан ўтган йилдан бери ишлатилмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

Америкалик сузувчилар томонидан автопилот технологиясидан фойдаланилаётгани ҳақида агентликка сузувчиларнинг мураббийлари ва бавар маркаси вакиллари айтиб беришди.  
BMW сув остига сузувчиларнинг ҳаракатларини санайдиган камераларни ўрнатди. Худди шунга ўхшаш камералар ёрдамида BMW автопилоти ҳаракатланаётган ва қўзғалмай турган объектларни таний олади.

12 август ҳолатига кўра, АҚШ терма жамоаси 16 та олтин медаль билан Олимпиаданинг жамоавий ҳисобида етакчилик қилмоқда. Улардан 11 таси сузувчилар томонидан қўлга киритилган. Ўйинлардаги АҚШнинг байроқдори Майкл Фелпснинг ўзи 4 та олтин медални қўлга киритиб, 22 карра Олимпия чемпиони бўлди.

Сув ости камералари спортчининг танасига бириктирилган ёруғлик-диодли элементларга жавоб беради. Олинган маълумотлар сузувчиларга ўз техникаларини мукаммаллаштиришга ёрдам беради. Маълум қилинишича, пилотсиз технологиянинг америкалик сузувчиларнинг эҳтиёжларига мослаштирилиши немис компаниясига прайм-тайм вақтида кўрсатилган бир нечта реклама ролиги қиймати, яъни 300-600 минг долларга тушган.  

2013 йилда BMW америкалик бобслейчилар учун чаналар яратганди. Немис компанияси яратган чаналарда иштирок этган америкалик бобслейчилар Стивен Холкомб ва Стивен Лэнгтон АҚШ учун бу спорт турида 62 йил ичидаги биринчи медални келтирдилар. 2016 йилда BMW АҚШлик паралимпиячилар учун пойга аравачасини яратди ва у Риодаги Паралимпия ўйинларида илк бор қўлланади.