АҚШ президенти лавозимига номзод Хиллари Клинтон 2015 йил учун солиқ декларациясини ўзининг президентлик кампанияси сайтида чоп этди. 

Декларацияга кўра, у турмуш ўртоғи – собиқ президент Билл Клинтон билан бирга 2015 йилда деярли 11 млн доллар (10745378 доллар) ишлаб топган.

Бу маблағдан 9,8 фоизи, яъни 1 млн доллари хайрия ишларига йўналтирилгани айтилган. Клинтонлар тўлаган солиқ қиймати 34,2 фоизни ташкил қилган.

Шунингдек, ўз солиқ декларациясини Клинтоннинг сайлов бўйича шериги, вице-президент лавозимига номзод Тим Кейн ва унинг рафиқаси Энн Холтон ҳам чоп этди.

Клинтон штаби вакили Женнифер Палмиери Клинтон ва Кейн "молиявий шаффофлик стандартларини белгилашни давом эттираётганларини" айтди.

"Дональд Трамп ёлғон ваъдалар ортига беркинмоқда ва ўз солиқ декларациясини чоп этиш ваъдасидан қочишга ҳаракат қилмоқда", деб айтилди Палмиери баёнотида.

Миллиардер Дональд Трампдан республикачилар ўртасидаги дебатлар вақтидаёқ 2015 йил учун солиқ декларациясини маълум қилишни сўрашганди. Трамп ҳозирча бу ҳужжат тайёрмаслигини ва ҳаммаси ҳисоб-китоб қилиниши биланоқ у чоп этилишини айтганди.