Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада сув спорт турлари ўтказилаётган, Мария Ленк номидаги сув ҳавзасидаги яшил тусга кирган сув ўзгартирилади. Бу ҳақда Олимпиада  ташкилий қўмитасининг алоқалар бўйича директори Марио Андрада маълум қилди. 

"Биз ҳозир сувни ўзгартириш бўйича кескинроқ чоралар кўрмоқдамиз. Сув полоси ва синхрон сузиш ўтказиладиган асосий сув ҳавзасида сув алмаштирилади. Жойда батафсил матбуот-анжуман ўтказилиб, унда сув нега яшил тусга киргани тушунтирилади", деб айтди Андрада.

Халқаро сузиш федерацияси (FINA) Олимпиада иштирокчиларини сув яшил тусига қарамай, соғлиққа зиён етказмаслигига ишонтиришди.

12 августда сувга сакраш мусобақалари ўтказиладиган сув ҳавзасида машғулотлар бекор қилинди. 

Аввалроқ сувнинг сифатидан россиялик синхрон сузувчилар, бир нечта терма жамоа полочилари шикоят қилишганди. Уларнинг айтишича, сув ҳавзаларида хлор меъёридан кўп ва сувнинг ҳарорати пастдир.