...“Қизил” ёнишини кутсам, яна кеч...”, – Достон ўйлаб кўришга ҳам улгурмади – катта тезликда келаётган машина уни ўша дақиқада уриб юборди... Қочиб кетди! Достон эса йўл четида қонга беланиб ётганича қолди. 2 соат ётди (суд тиббий экспертизаси хулосаси). Аранг ўзига келди. Асфальтга боши билан тушгани учун мияси чайқалган, юзи шилинган Достон шаҳарнинг гавжум маҳаллаларидан бири бўйлаб уйига бир амаллаб етиб келди. “Ўша кунни ҳеч қачон унутолмасам керак” – бир йил аввал содир бўлган бу машъум воқеани эслар экан Санобар ая кўзига ёш олади...

Ҳа, афсуски, бу тўқима воқеа эмас. Ишониш қанчалик оғир бўлмасин, кундалик турмушимиздан олинган бу воқеада ачинарли жиҳатлар кўп. Санобар аяни ҳам бу каби саволлар анчадан бери қийнайди: “Достон 2 соат кўчада қонга беланиб ётди. Нима учун унга ҳеч ким ёрдам бермади? Жуда бўлмаганда “Тез ёрдам” чақиртиришмади?.. Ҳа, майли, пиёниста деб ўйлашгандир. Лекин... пиёниста ҳам одам-ку...”

Тўғри, жамиятда турли савия, турли маънавиятли кишилар яшайди. Улар орасида ҳар куни маст аҳволда кўчада сарсон юрадиганлари, уйи йўқ, ертўлаларда, ахлат уюмлари атрофида тирикчилик илинжида қуймаланувчилар ҳам  йўқ эмас. Одатда уларни  одамлар яхши танийди, уларнинг шундайлигига ўрганиб ҳам қолишган. Шунга қарамай катталар болаларга “анови кишининг олдига яқин борма, бошқа йўлдан юр”, деб ўргатишади. Ўзлари учун эҳтиёт чораларини кўришади. Бироқ ўша  пиёниста ёрдамга мухтож бўлса-чи... Ораста кийиниб ишга йўл олган зиёли кишининг  ерда ётган “пиёниста” холидан хабар олгиси келадими? Ахир, унинг кийимлари ифлос... Ҳалиги зиёлининг башанг кўринишига “қаердаги безори”ни ўрнидан турғазиб, уйига элтиб қўйиш ярашадими? Агар ўша ер қучоқлаб ётган беҳуш одам ўйлаганимиздай пиёниста эмас, балки бирор кор-хол туфайли шу аҳволга тушган туппа-тузук одам бўлса-чи?  Одамга одам ёрдам бермаса, унда ким улар ҳақида қайғуради?

  Моҳларойим ҚАЮМОВА