ИШИДнинг Афғонистон ва Покистондаги бўлинмаси қўмондони Ҳофиз Саид Хон АҚШ дронларидан бирининг ҳужуми давомида йўқ қилинди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Бу ҳақда Афғонистоннинг Покистондаги элчиси Умар Закхилвал маълум қилди. Унинг айтишича, террорчи Афғонистоннинг шарқий вилоятларидан бирида бўлган. 

"Мен ИШИД бўлинмаси етакчиси Ҳофиз Саид Хон ўз қўмондонлари ва жангарилари билан 26 июлда АҚШ дронининг ҳужуми вақтида Нангархор вилоятида йўқ қилинганини тасдиқлай оламан", деб айтди элчи. 

Шу билан бирга АҚШнинг Кобулдаги ҳарбий коалицияси вакили бу хабарни тасдиқлай олмаслигини айтди ва ҳарбий амалдорлар ҳужумни тергов қилишаётганини қўшимча қилди.

"Толибон"нинг Покистондаги бўлимининг собиқ аъзоси Саид Хоннинг ўлгани ҳақида ўтган йили ҳам хабар қилинганди, бироқ ўшанда расмий тасдиқлар олинмаганди.