Рио Олимпиадасининг дзюдо баҳсларида энг юқори вазн тоифасида иштирок этаётган Ўзбекистон вакили Абдулла Тангриев ярим финал босқичидаги иштирокини якунлади.

Чорак финал баҳсида қирғизистонлик Юрий Краковецкини иппон баҳоси эвазига мағлуб этган Тангриев дзюдо ватани ҳисобланадиган Япония вакили Хисаёши Харасавага қарши татамига чиқди. 

Тангриевда жанг давомида толиқиш аломатлари сезилиб қолди ва ҳакам унга 4та шидо огоҳлантирилиши кўрсатгач, баҳс автоматик равишда япониялик спортчи фойдасига ҳал бўлди. Қолаверса бунгача япониялик дзюдочи битта юко баҳоси ишлаганди. 

Энди Абдулла Тангриев бронза медали учун кечадиган баҳсда бразилиялик Рафаэль Силвага қарши курашади.