Бразилияда бўлиб ўтаётган катта спорт байрами Олимпиаданинг еттинчи куни ҳам поёнига етди. 12-август Рио-2016 Олимпия ўйинларининг етакчиси АҚШ миллий терма жамоаси учун сермаҳсул кунларидан бири бўлди. У турнирдаги олтин медаллари сонини 4тага кўпайтириб, уларнинг сонини жами йигирматага етказди. Унинг умумий ҳисобида 20та олтин, 13та кумуш ва 17та бронза медаль бўлиб, жами 50та совринни қўлга киритган. 

Хитой 13-10-14 натижа билан иккинчи ўринни сақлаб қолган бўлса, учинчи ўрин учун кураш ғоят шиддатли кечмоқда. Бу сафар Буюк Британия Японияни четга суриб, учинчи ўринга кўтарилиб олди: 7-9-6. Россия эса ҳамон еттинчи ўринда. 

Куннинг асосий воқеаси сифатида сингапурлик сузувчи Жозеф Скулинг 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича Олимпиада-2016нинг олтин медалига сазовор бўлганини қайд этиш мумкин. Жозеф финал босқичида 50.39 сония натижа кўрсатиб, барча рақиблари, хусусан Олимпиянинг 22 карра чемпиони америкалик Майкл Фелпсни ортда қолдиришнинг уддасидан чиқа олди. Шу билан у янги Олимпия рекордини ҳам ўрнатди. 

Олимпия ўйинлари тарихида илк маротаба бирданига уч спортчи: америкалик Майкл Фелпс, жанубий африкалик Чад ле Кло ва Венгрия вакили Ласло Чех (барчаси - 51.14 сония) иккинчи ўринга сазовор бўлган. 

Россиялик сопртчилар ўзлари кураш олиб борган спорт турлари бўйича биттадан олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди. Россия қиличбозлари терма жамоаси (Алексей Черемисинов, Артур Ахматхузин и Тимур Сафин) жамоа баҳсларида Франция термасини мағлуб этиб, Рио-2016 бош совринини қўлга киритди. 

Испаниялик теннисчилар Рафаэль Надаль ва Марк Лопес Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларидан ўрин олган катта тенниснинг жуфтлик баҳслари финалида ғалаба қозонди. Улар, руминияликлар Флорин Мергя ва Хоря Тецэулар жуфтлигини 6:2, 3:6, 6:4 ҳисобида мағлуб этишди.

Қуйида Олимпия ўйинларининг еттинчи кунида бўлиб ўтган мусобақаларнинг бошқа натижалари билан танишиб олишингиз мумкин. 

Енгил атлетика. Аёллар. Ядро улоқтириш

1. Мишель Картер (АҚШ) — 20,63.
2. Валери Адамс (Янги Зеландия) — 20,42.
3. Анита Мартон (Венгрия) — 19,87.

Сузиш. Аёллар. 800 метрга эркин услубда сузиш 

1. Кэти Ледеки (АҚШ) — 8.04,79 сония билан жаҳон рекордини ҳам янгилади 
2. Жазмин Карлин (Буюк Британия) - 8.16,17
3. Богларка Капаш (Венгрия) – 8.16,37.

Сузиш. Эркаклар. 50 метрга эркин услубда сузиш

1. Энтони Эрвин (АҚШ) — 21,40 
2. Флоран Манаду (Франция) – 21,41
3. Натан Эдриан (АҚШ) – 21,49

Сузиш. Аёллар. 200 метрга чалқанча сузиш

1. Мадли Дирадо (АҚШ) — 2.05,99 
2. Катинка Хоссу (Венгрия) – 2.06,05
3. Ҳилари Колдуэлл (Канада) – 2.07,54

Велотрек. Эркаклар. Жамоавий таъқиб қилиш

1. Буюк Британия – 3.50,365 (жаҳон рекорди). 
2. Австралия – 3.51,008. 
3. Дания – 3.53,789.

Дзюдо. Эркаклар. 100 кг+

1. Тедди Ринер (Франция)
2. Хисаёси Харасава (Япония)
3. Рафаэл Силва (Бразилия) ва Ор Сассон (Исроил).

Оғир атлетика. Аёллар. -75 кг

1. Рим Йонг-Сим (КНДР) — 274 (121+153). 
2. Дарья Наумова (Беларусь) — 258 (116+142). 
3. Лидиа Валентин Перес (Испания) — 257 (116+141).

Камондан ўқ узиш. Эркаклар. Яккалик баҳслар

1. Ку Пон Чан (Жанубий Корея). 
2. Жан-Шарль Валладон (Франция). 
3. Брэйди Эллисон (АҚШ).

Енгил атлетика. Эркаклар. 20 кмга спорт усулида юриш

1. Чжень Ван (Хитой) — 1:19.14. 
2. Цзэлинь Цай (Хитой) — 1:19.26. 
3. Дэйн Бёрд-Смит (Австралия) — 1:19.37.

Оғир атлетика. Эркаклар. -85 кг

1. Киануш Рустамий (Эрон) — 396 (179+217) ўз жаҳон рекордини янгилади 
2. Тянь Тао (Хитой) — 395 (178 + 217) 
3. Габриэль Синкраян (Руминия) — 390 кг; (173 + 217)