АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Туркияга ташриф буюради. Бу ҳақда Туркия бош вазири Бинали Йилдирим маълум қилган.

"15-июлдан кейин АҚШнинг қараши ўзгарди ва улар қуруқ сўздан амалга қилишга ўтишди. Бизга вице-президент Байден келади", - дея ҳукумат раҳбари сўзларини келтиради Dogan агентлиги. Йилдирим сафар муддатига ойдинлик киритмаган. 

Расмий Анқаранинг фикрича, 1999-йилдан бери АҚШда истиқомат қилиб келаётган мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гулен ва унинг ташкилоти ўтган ой ўртасида амалга оширилган ҳарбий исён учун жавобгардир ва давлат ҳокимияти ҳамда бизнесида кўплаб тарафдорларига эгадир. Шу муносабат билан расмий ҳукумат ўз сафида тозалаш ишларини олиб бормоқда.

"Гулен ташкилотига алоқаси йўқларни ажратиш мушкул вазифа. Биз бу борада хато қилмасликка ҳаракат қиляпмиз. Ташкилотнинг ўз алоқа воситалари бўлиб, унинг 50 мингга яқин аъзоси бор", - деган Йилдирим. 

Бош вазирнинг маълум қилишича, айни вақтда, Туркияда "76,5 давлат хизматчиси ишдан бўшатилган, 4,8 минг мулозим ва 3 мингга яқин ҳарбий хизматчи вазифасидан озод этилган".