АҚШ Миллий баскетбол уюшмасининг 5 карра чемпиони, яқинда фаолиятини тугатишини эълон қилган таниқли баскетболчи Тим Данкан Рио-де-Жанейродаги Олимпиадага АҚШ президенти Барак Обама билан бирга президент самолётида учишдан бош тортди. Бу ҳақда Sports Illustrated журналига интервьюда унинг клубдоши Брюс Боэн маълум қилди. 

"Тимга Олимпиадага АҚШ президенти билан бирга учиш таклифи билдирилди. У буни мен билан муҳокама қилганди. Мен ундан "Сен буни қиласан, тўғрими?" деб сўраганимда, бу у учун эмаслигини айтди", деб эслаб ўтди Боэн.

Боэннинг фикрича, ортиқча эътиборни хушламайдиган Тим камтарлиги сабабли таклифга рад жавобини берган.

Данкан жорий Олимпиадада иштирок этмайди. У АҚШ баскетбол терма жамоаси сафида бир маротабагина Олимпиадада иштирок этган. У 2004 йилги Афина Олимпиадасида "дрим тим" сафида баскетбол мусобақасининг ярим финалида аргентиналикларга сенсацион равишда ютқазиб, бронза медали соҳиби бўлганди.