Андижоннинг сўлим ва баҳаво гўшасида жойлашган – «Энергетик» оромгоҳида  Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларининг фаол ёшлари учун анъанавий “Ёш лидерлар мактаби” ўқув-оромгоҳи ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилоят Кенгаши томонидан уюштирилган 10 кун давом этувчи лойиҳада  юртимиз келажаги бўлган иқтидорли ёшлар таълим олиш баробарида, мазмунли дам олишлари кўзда тутилган. Ўнинчи маротаба ташкил этилаётган лойиҳада бу йил 150 нафар ўғил-қиз иштирок этмоқда.

Тадбир ташкилотчилари ўз олдиларига фаол ёшларимизда - етакчилик қобилиятини ривожлантириш, раҳбарлик салоҳиятини шакллантириш ва ижтимоий фаоллар сафини кенгайтириш каби эзгу мақсадларни қўйганлар. Бу борада турли долзарб мавзулардаги қизиқарли семинар-тренинглар, турли соҳа вакиллари билан учрашувлар ва маданий-маърифий кечалар уюштирилмоқда.

Андижон вилоят Давлат солиқ бошқармасининг етакчи мутахассислари масканда “Солиқ қонунчилиги ҳақида нималарни биласиз?” мавзусида семинар-тренинг ўтказди. Ноанъанавий тарзда ўтган тадбир давомида қизиқарли викторина ва кўрик-танловлар ташкил этилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ўқув-оромгоҳи ёшлари уч гуруҳга бўлинган ҳолда солиқлар ҳақидаги билимларини ошириш ҳамда солиқ маданиятини шакллантириш борасида бир неча йўналишлар бўйича ўз малакаларини синовдан ўтказишди. Улар солиқ тизими ҳақидаги билимларини савол-жавоб шаклидаги викториналар, ўзлари чизган суратлар ва саҳна кўринишлари орқали намойиш этдилар.

- Солиқ сиёсатининг мазмун-моҳияти, мақсади, амал қилиш шакли ва воситалари ҳар бир кишини, хусусан, ёшларни қизиқтирар экан, - дейди Андижон вилоят Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси Шоҳруҳбек Эгамназаров. - Солиқ саводхонлиги ва қонунчилиги бўйича  фуқароларда ёшликдан кўникма ҳосил қилиб бориш солиқ тарғиботининг энг мақбул усулдир. Вилоят давлат солиқ бошқармаси йил давомида мана шундай тадбирларни турли ўқув муассасаларида мунтазам ўтказиб боришни режалаштирган.

- Бугунги ўтказилган тадбир мобайнида ўзимиз учун жуда зарур бўлган билимларга эга бўлдик, - дейди наманганлик талаба Санобар Мусаева. - Ҳар бир солиқ тўловчининг қачон қанча солиқ тўлаши ва унинг нимага сарфланиши, ишлаб чиқаришни ривожлантириб давлатимиз бюджетига маълум улушни қўшиш  ҳақидаги маълумотлар эса биз ёшларни ўз олдимизга жиддий мақсадларни қўйишга чорлайди.

Тадбир сўнгида номинациялар бўйича аниқланган жамоаларга вилоят Давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.