Бугун Рио-Олимпиадасининг бокс бўйича мусобақасида биринчи финал баҳси ўтказилди. 14 август Ўзбекистон спорти тарихига кирадиган кун бўлди.

49 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги турнирда ўзбекистонлик Ҳасанбой Дўстматов Колумбия вакили Юберхен Мартинес Ривасга қарши рингга чиқди.

Жанг ўзбекистонлик боксчининг тўлиқ устунлигида ўтди ва ҳакамлар якунда Ҳасанбой Дўстматовга ғалаба беришди. Якуний баҳо - 3:0 — 29:28, 30:27, 30:27.

Бу эса Ўзбекистон делегациясига Рио-2016 олимпиадасидаги илк олтин медални олиб келди.

Дўстматов ўзи орзу қилгани каби Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг натижасини такрорлади. 2000 йилдан буён илк марта Ўзбекистон бокс терма жамоаси олтин медалга эга бўлди. Олимпиадаларда бокс бўйича биринчи ва охирги олтин медални ўзбекистонлик спортчи 16 йил аввал — Сидней Олимпиадасида олганди. Ўшанда Андижон спорт мактаби вакили Муҳаммадқодир Абдуллаев Ўзбекистонга олтин медаль олиб қайтганди.

49 килогарммгача вазн тоифасида кумуш медаль Мартинезга, бронза медаллар эса америкалик Мигел Эрнандес ва кубалик Аргилагосга топширилди.

Ҳасанбой Дўстматов ҳал қилувчи финалга қадар 3 нафар рақибининг ҳар бирини учта раунд натижасига кўра мағлуб этишга муваффақ бўлганди. Булар: мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов ва америкалик Нико Эрнандес.

Андижондан сурат. Чемпионни тарбия қилган инсонлар