Халқаро сузиш федерацияси (FINA) раҳбари Хулио Маглионе Олимпиадада россиялик сузувчи Юлия Ефимовага нисбатан таҳқирловчи ҳаракатларни амалга ошираётган мухлислар ва спортчиларни қоралади. 

"Бу жуда ва жуда ёмон. Бу ерда ҳамма спорт одамларни бирлаштириши ва эзгулик элтишини англашлари керак, шунинг учун мен бундай ҳаракатларни қоралайман. Боз устига, Ефимова шу ерда иштирок этаётгани билан ўзининг "тозалигини" исботлади", деб айтди Маглионе.

12 августда Халқаро Олимпия қўмитаси вакили Марк Адамс спортчилар тақдирлаш маросимларида бир-бирларини табрикламасликлари ҳолатлари номақбул эканлигини айтганди. Адамс спортчилар шу тариқа "рақибларига беҳурматлик қилишларини" таъкидлаб ўтган.

8 августда 100 метрга брасс усулида олтин ва бронза медалларни қўлга киритган америкалик сузувчилар Лилли Кинг ва Кэти Мейли кумуш медаль соҳибаси Ефимовани табриклашдан бош тортишган. Мусобақа олдидан эса мухлислар Ефимовага нисбатан ҳуштакбозлик қилишган.

9 августда америкалик сузувчи Майкл Фелпс ХОҚнинг Ефимовани Олимпиадага қўйиш қарорини танқид остига олган.

6 августда ХОҚ Ефимова ва аввал Олимпиададан четлатилган яна 4 нафар россиялик сузувчини Риодаги мусобақаларга қўйишга қарор қилганди.