Google компанияси келажакда Android ва Chrome OS операцион тизимларининг ўрнини эгаллайдиган мукаммалроқ операцион тизимни яратишни бошлади. Бу ҳақда The Next Web маълум қилди. 

Компания янги операцион тизим устида иш бошлаганини расман эълон қилмади, бироқ операцион тизим ҳақидаги илк маълумотлар GitHub сервисида чоп этилди. Тизим Fuchsia деб номланиб, Magenta ядроси негизида ишлайди. У ARM архитектурасидаги 32 ва 64 битли процессорларда ва 64 битли компьютер процессорларида ишлайди. 

Бундан ташқари, Magenta ядроси тизимга кенг тарқалган интернет буюмлар платформалари, жумладан FreeRTOS ва ThreadX билан самаралироқ ишлашга имкон беради. Компания шу тариқа фойдаланувчиларнинг компьютерлари ва мобиль қурилмаларини OnHub ва Google Home уй экотизимлари билан бирлаштиришни кучайтиришни режалаштирмоқда.  

Google муҳандисларидан бири Брайан Светланднинг айтишича, компанияда энг бошидан янги операцион тизимни четки ишлаб чиқарувчилар учун очиқ қилишга қарор қилинган.