Деярли бир йилдан бери ёпиқ бўлган Колумбия билан чегара очилгандан кейин Венесуэланинг минглаб аҳолиси қўшни давлатга озиқ-овқат ва зарур маҳсулотларни харид қилиш учун йўл олди.

Чегарадан ўтказиш пунктларида эрта тонгдан турна қатор навбатлар юзага келган. Чегарадаги одамларнинг айтишича, улар Колумбияга асосан егулик ва дори-дармон харид қилиш учун боришмоқчи. 

Таъкидланишича, 5 та чегара ўтказиш пункти ҳар куни 12 соат давомида очиқ бўлади.

Венесуэла охирги йиллар жиддий иқтисодий инқироз ва кўплаб зарурий маҳсулотлар тақчиллигини бошдан кечирмоқда.

Аввалроқ Венесуэла ва Колумбия президентлари ўзаро чегараларни босқичма-босқич очишга келишиб олишди. 2015 йил августда давлтлар ўртасидаги чегара контрабандачиларнинг ҳарбийларга ҳужумидан кейин ёпиб қўйилганди. Контрабандачилар доллар эквивалентида Венесуэлада маҳсулотларнинг арзонлигидан фойдаланиб, уларни сотиб олиб, сўнгра Колумбияда қимматроққа сотиш билан шуғулланган.

Июль ойида Венесуэланинг деярли 130 минг фуқароси дам олиш кунлари вақтинчалик очилган Колумбия билан чегарадан егулик харид қилиш учун ўтишган.