Америкалик сузувчи Майкл Фелпс АҚШ терма жамоаси сафида 23 карра Олимпиада чемпионига айлангач, бу Рио-олимпиадаси ўз фаолиятидаги охиргиси эканини маълум қилди.

"Мен ҳовуз ёқасига борганимда йиғлаб юборгудек бўлдим. Терма жамоа билан охирги марта машғулот ўтказдим, охирги марта бу либосни кийдим. Охирги марта минглаб мухлислар қаршисида сувга сакрадим", деган Фелпс.

АҚШ терма жамоаси 4х100 эстафета мусобақасида финишга биринчи бўлиб етиб келди (3 дақиқа-ю 27,95 сония). Бу Олимпиаданинг янги рекорди бўлди. Жамоа сафида Майкл Фелпс, Райан Мерфи, Коди Миллер ва Натан Адриан каби спортчилар бор эди. Кумуш медаль Буюк Британия термасига, бронза австралияликларга насиб этди.

Бешта Олимпиада (Сидней–2000, Афина–2004, Пекин–2008, Лондон–2012 ва Рио–2016) да иштирок этган 31 ёшли Фелпс ҳисобида 23та олтин медалдан ташқари 3та кумуш ва 2та бронза медаллари мавжуд. У Рио-2016 олимпиадаси вақтида 5та олтин медални қўлга киритди.