Австралиянинг Куинсленд штати Рокҳемптон шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудда номи ҳам антиқа бўлган ғаройиб жой мавжуд. Бу жой  — "темир йўл чорраҳаси" деб аталади. Бунинг сабаби, бу ерда иккита темир йўл изи деярли тўғри бурчак остида ўзаро кесишади. Маълум бўлишича, бу ўзига хос темир йўл чорраҳаси ҳисобланади.

Темир йўллардан бири маҳаллий шакар заводига туташган. Поезд таркиби у ердан йўлга чиққанда, машинист қурилма ёрдамида рельсларни пастга туширади ва чорраҳадан ўтиб олади. Таркиб ўтиб бўлгач, рельслар автоматик тарзда яна кўтарилади. Иккинчи йўл тезюрар поездлар ҳаракати учун мўлжалланган.  Уларнинг тезлиги баъзан соатига 160 кмни ташкил этиши хабар қилинмоқда. Тезюрар поездлар мазкур "темир йўл чорраҳасини" одатдагидек кесиб ўтади.

Тезюрар поездлар яқинлашаётган вақтда, рельсларни тушириш мосламаси ишламайди. Агар, шакар заводидан чиққан поезд машинисти уни ишга туширмоқчи бўлган тақдирда ҳам, ҳимоя механизми рельсларни қияликка тушириб юборади.